Жисмоний машқлару турли хил парҳезлардан ижобий натижага эриша олмаганлар орамизда анчагина. Кимдир ўзбилармонларча ҳар кимдан эшитган парҳезларига амал қилган, кимлардир фитнесс мураббийнинг кўрсатмаларини бажармаган, яна бошқаларини эса шунчаки дангасалик енгган. Хуллас, қанча ҳаракат қилса ҳам танасидаги ортиқча ёғлардан халос бўла олмаётганлар учун замонавий косметологияда липосакция усули мавжуд.
Бу қандай усул?
Липосакция — жарроҳлик аралашуви билан тери остидаги ёғ қатламини олиб, тана контурларини тузатадиган усул саналади. Унинг ёрдамида озиш мумкин деган янглиш хаёлга борманг. Генетик нуқтаи назардан кетиши қийин бўлган ҳамда парҳез билан оздириб бўлмайдиган тана соҳаларидаги ёғлар айнан липосакция усули билан олиб ташланади. Масалан, бўксанинг ташқи томони, сон, бел, болдир, тизза атрофи, елка ва энгак қисмлари ёғ кетиши қийин бўлган соҳалар ҳисобланади. Чунки танамизнинг айнан шу қисмларига ёғларни парчаловчи гормонларга таъсир этмас экан.
Таъқиқлар мавжудми?
Іар қайси муолажа каби липосакцияни амалга оширишдан аввал кардиолог ва терапевт кўригидан ўтиш зарур. Қандли диабет, қон босимининг ошиши, қон ивиш жараёни сустлиги ҳамда ички аъзолар хасталикларида липосакция қатъиян ман этилади. Одатда муолажани бошқа туғиш истагида бўлмаган аёллар бемалол амалга ошириши мумкин деб ҳисобланади. Бироқ қорин қисмида ўтказилган липосакциядан кейин ҳам туғса бўлади.
Оғриқсизлантириш шарт!
Муолажа бошланишидан аввал мижоз умумий қон таҳлили топшириши ва қон босимини ўлчатиши зарур. Жарроҳлик амалиётига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаса, аёлга оғриқсизлантирувчи дори берилади. Липосакция маҳаллий ҳамда умумий оғриқсизлантириш остида бирдек ўтказилаверади. Анестезия турини танлаш бемор ҳамда шифокор истаги, шунингдек липосакция амалга ошириладиган соҳанинг катта-кичиклигига ҳам боғлиқ. Тери юзасига стериллаш воситалари билан ишлов берилгач, игналар ёрдамида тери ости ёғ қатламини эритиш учун электролит, оғриқ қолдирувчи ва томирларни торайтирувчи моддалардан иборат суюқлик жўнатилади. Кейин тери юзасида тахминан 0,5 см катталикдаги кесимлар амалга оширилиб, диаметри 2-4 мм келадиган махсус игна киритилади. Бу игна узун шланг орқали насосли асбобга уланган бўлади. Махсус игнанинг бош қисми думалоқ шаклда бўлгани боис у асаб толалари ва майда қон томирларини зарарламайди, фақатгина эриган ёғларни сўриб олади. Амалиёт якунига етгач жароҳат ўрни тикилиб, беморга бандаж кийдирилади ёки эластик мато билан боғланади.
Муолажадан сўнг...
Операциядан кейинги 3 кун давомида шифохонада ётиш тавсия этилади. Чунки беморда оғриқ, тери рангининг ўзгариши, шишлар, ҳаракатланишда ноқулайликларнинг туғилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бу организм яхлитлигини бузишга уринишнинг оқибати бўлгани боис, уни тўғри қабул қилиш ҳамда шифокор кўрсатмаларига амал қилиш тавсия этилади. Шиш, оғриқ ва кўкаришлар 2-3 ҳафтада бутунлай йўқолади. Бир ой давомида тортиб турадиган махсус кийимлар кийиш лозим.
Ёғлар яна ўз ўрнига қайтадими?
Амалиётнинг натижаси 3-6 ойдан сўнг кўзни қувонтирадиган даражада кўринади. Бу вақт оралиғида тери тортилиб, тана эса идеал қомат сари яқинлашади. Шифокорларнинг ишонтиришига кўра, липосакция қилинган соҳаларда қайта ёғ йиғилиши амри маҳол. Лекин аёл ўзини доим назоратда ушлаши, яъни семириб кетмаслиги ва жисмоний машқлар бажариб туриши лозим.
Нархлари қандай?
Пойтахт косметологик шифохоналарида бир соҳанинг липосакцияси ўртача 400 минг деб баҳоланади. Танамиз қорин қисмининг ўзи 4 соҳага бўлиниши инобатга олсак, липосакция арзон муолажа саналмаслиги аён бўлади.
Иродангиз мустаҳкам бўлсин! Қоматингизни ўз қўлларингиз билан чиройли қилинг. Пулларингизни ҳам чўнтакда сақлаб қолинг!
Дилноза тайёрлади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|