Мен охирги вақтларда бўлаётган ишлардан қаттиқ ранжияпман. Шоу бизнесдаги бир нечта хонанда дугоналарим томонидан мен ҳақимда айтилаётган кўплаб гаплар, ғийбатларнинг бир қанчаси аудио ва SMS кўринишида хар куни телеграмимга етиб келаяпти.
Санъаткор дугоналаримга айтадиган сўзларим шуки: "Ҳурматли дугонажонларим!.. Ҳамма бир-бирига омонат даврдамиз. Ҳар куни ўлим… Ҳар куни мудҳиш хабарлар, ҳар куни инсонлар бир-бири билан видолашмоқда…
Шарт эмас инсон ўлганидан кейин "у яхши инсон эди” деб, кеч бўлганда кетидан қадрлаш… Яхшиси, инсонни ёнингизда бўлган вақтида, тириклигида қадрланг!..
Мен қанчалар самимий, кўнглим тоза бўлиб, яқин бўлганим, ширин муомала қилганим сари, йиғилишиб мени шунчалар иғво қилиб, ёмонлаб, устимдан кулишган.
Айбим нима? Айбим ҳеч ким билан ишим бўлмай, ғийбатга қўшилмай, ўз ҳаётим, карьерам, фарзандим, ўз қизиқишларим, соҳаларим ва ижодимда маза қилиб қайнаб ишлаётганимми?
Илтимос, мен сизларга тегмадим, сиз хам менга тегманг. Аллоҳ хаммасини кўриб турибди. Ҳеч бўлмаса, иғволар, ғийбатлар қилаётганингизда, мендан қўрқмасангиз ҳам, Аллоҳдан қўрқинг. Бу конкурслар, бу обрў-эътибор ва бу гўзаллик ҳаммаси ўтиб кетади. Инсондан эса фақат меҳр қолади. Мен Аллоҳга ва ўз кучимга ишонаман ва, биламан, Аллоҳ менинг доим олдинга юришимда мададкор бўлади, алҳамдулиллаҳ…
Мен бахтлиман… менга фақат тинчлик, хотиржамлик керак. Эртага юзма-юз келганда қанақа қилиб кўзимга қарайсизлар, ҳайронман. Нега юзимга кулиб, асалим, шакарим, жоним деб, орқадан шунча ғийбат ва ҳасадлар…
Санъаткор санъаткорга дўст бўлмайди, деган гапларга яна бир бор амин бўлдим!!! Мен сизлар учун дуоларимда Аллоҳдан бахт ва омад, тоза қалб сўрайман. Бахтли бўлинглар!..”
Мен доим мендан устун инсонларга ҳавас қилганман ва бу хислатим билан фахрланаман. Ҳасад эмас, ҳавас қиламан. Истардимки, атрофдаги барча инсонлар ҲАСАД ВА ҲАВАСни ажрата билсин, иғводан йироқ юрсин. Чунки мен атрофдагиларга ҳавас қилганим учун шу даражага етдим. Бу бахт ва омаднинг кичик сири!
Шаҳзода Муҳаммедова, актриса, сухандон, дизайнер