Бундан икки йил муқаддам Туркия Республикасида бир гуруҳ ҳарбийлар, мухолиф кучлар мамлакатда ҳукумат бошқарувини қўлга олишга уринган, натижада хадқ ўз Ватанини ҳимоялаш учун кўчага чиққан, юз берган ҳарбий тўқнашувда юзлаб бегуноҳ инсонлар нобуд бўлганди. Хоинларнинг нияти амалга ошмади. Ушбу кун мамлакат тарихида турк халқининг бирдамлиги, ҳамжиҳатлари тантанаси сифатида олтин ҳарфлар билан битилди. Яқинда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида ўтказилган матбуот анжуманида қардош ўлканинг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ана шу унутилмас, қонли ва шонли кун тафсилотлари билан ўртоқлашди.
– Туркия Қуролли Кучлари орасида жойлашиб олган "Фетуллахчи террор ташкилоти” (ФЕТО) аъзолари 2016 йил 15 июль куни Туркияда қонли давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган эди.
Маълумки, ушбу тўданинг асосчиси Фетхуллах Гулен қирқ йилдирки ҳукуматни қўлга киритиш учун курашиб келади. У ўзининг чиркин мақсадларига эришиш учун ҳар қандай тубанлик ва қабоҳатдан қайтмайди. Афсуски, унинг минглаб тарафдорлари мамлакатнинг барча ҳудудлари бўйлаб зарарли вирус сингари ёйилган, улар турли давлат муассасаларида, бошқарув идораларида, таълим даргоҳларида, қуролли кучлар тизимида ишлаб келишарди. 16 июль воқеаларининг унинг ва сафдошларининг асл башарасини бутун дунёга яна бир бор намоён этди.
Бу уриниш мамлакатнинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида бир вақтда бошланган, Истанбулда Бўғозичи ва Фатиҳ Султон Меҳмет кўприклари, Отатурк номидаги халқаро аэропорт ва Истанбул Ички ишлар бош бошқармаси бинолари террорист тўнтарувчилар томонидан қисқа вақтга бўлса-да қўлга олинган, ички ишлар ва миллий хавфсизлик идораларига тегишли баъзи биноларга самолет ва вертолетлар билан хужум уюштирилган.
Туркия Республикаси тарихида илк маротаба Президент Девони, Бош вазир маҳкамаси ва Туркия Парламенти биноси террорчилар томонидан бомбардимон қилинди.
Давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатлари бошлангандан бироз вақт ўтиб, телевидениеда, жонли эфирда халққа мурожаат қилган Президент Эрдўған бу ҳаракатларни Туркия Қуролли Кучлари ичига сизиб кирган террористик ташкилот аъзоларидан ташкил топган бир ҳовуч хоинларнинг иши эканлигини айтди ва турк халқини демократия ва миллий иродасини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқиб террористик тўнтаришга қарши оёққа туришга чақирди. Бу даъватга жавобан Туркиянинг барча вилоятлар ва шаҳарларида юз минглаб аҳоли тўнтариш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун кўчаларга отилди.
Ўша кеча содир бўлган воқеалар Турк армияси ичига узоқ йиллар давомида маккорона сизиб кирган хоинларнинг, ўзини "коинот имоми” деб билган иблис гумашталарининг Ватанга қарши хужуми эди. Улар халқнинг қуролларини қўлга киритиб, шу қуроллардан халққа ўқ узган сотқинлар эди. Ўз парламентини бомбардимон қилган, қуролсиз ҳамюртларини танклар билан мажақлаб, ҳарбий учоқларда ўққа тутган террорчиларни яна қандай аташ мумкин?
Бу хоинона уринишлар турк халқининг 251 нафар эрксевар, миллатсевар фарзандидан жудо қилди. 2000 дан ортиқ фуқарони жароҳатлади. Аммо, халқнинг иродасини бука олмади.
Турк халқи ўша кеча жуда қийин шароитларда, баҳамжиҳатлик кўрсатиб хиёнатга қарши турди, ўз етакчиси атрофида жипслашиб янги тарихни битди. 15 июль санаси Туркия Республикаси ва халқи тарихида демократия ғалаба қилган кун сифатида ўрин олди.
Ортга қараганимизда, бу аламли воқеадан кейин турк халқи учун улкан ғурур манбаи юзага келганини кўрамиз. Бу ғурур турк халқининг миллий иродаси ва демократияни ҳимоялашдаги жасорати ва қатъийлигига асосланади.
Туркиянинг мард, жасур фарзандлари 15 июль кечаси демократиянинг осонлик билан қўлга киритилмаслиги, унинг учун жон олиб жон берилиши лозимлигини бутун жаҳонга намойиш этди. Туркияга қуролли тўдалар эмас, фақатгина демократик асосда сайланган ҳукумат ва миллий ирода ҳоким бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди.
Туркия ҳукумати 15 июль воқеаларидан кейин ўтган икки йил давомида ушбу хиёнатда иштирок этган кимсаларни аниқлаб, уларнинг катта қисмини жавобгарликка тортди. Кўрилган тадбирлар натижасида тўданинг Туркиядаги тармоқлари йўқ қилинди. Бироқ ушбу террор ташкилотининг мамлакат ташқаридаги ҳам аъзолари, тарафдорлари кўп. Улар нафақат туркия, балки бошқа мамлакатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солиб турибди. Туркия барча дўст ва қардош мамлакатларни ана шундай хоин тўдлар, жиноий гуруҳлар, террорчилар ташкилотлардан огоҳ бўлишга, уларга қарши биргаликда курашишга чақиради.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darkachi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|