«ИШИД» деган бало чиқди. Кимларгадир, аниқроғи, қайсидир давлатлар манфаати учун керак бўлди. Ахир, ҳеч нарса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. "Ал-Қоида” балосининг чўғи ўтган йилларда анча босилди. У ҳам пайдо қилинди, авж олдириб, кейин попугини пасайтириб қўйишди. Яна қайсидир давлатлар манфаати!
БМТ яқиндагина сиёсий "шоу” ўтказди. Обама "у” деди, Путин "бу” деди, яна бошқа бири "у-бу” деди... Одамлар олий тоифали раҳбарларнинг гоҳ сафсатага ботган, гоҳ эртакка айланган, гоҳ ҳақиқатга яқин маърузаларидан кўра, Обаманинг Путин билан бир столда қадаҳ уриштирмай, Россия раҳбарининг юзини қизартириб, ғазабини кулгу аралаш қиёфада ичига юттирганини кўпроқ гапиришди. Яна бир "томоша”: Украинанинг ҳозирги "бош”и Порошенко маърузаси чоғида, россиялик делегатлар "сени гапингга менинг ... " қабилида иш тутиб, зални тарк этишди. "Қайтар дунё” қайтимини жуда тез қайтарди... Россия "бош”и сўзлаганда, украиналиклар шундай йўл тутди. Шоу фақат саҳнада бўладими? Йўқ, катта сиёсий "йиғин”лар ҳам бундан мустасно эмас экан!
БМТда қоғозлар, маърузалар, тингловчилар... Сурияда "ИШИД” "ИШ”ини қилмоқда...
Путин Башар Асад илтимосига биноан унинг юртида кечаётган адолатсизлик ва ваҳшийликка қарши курашиш мақсадида авиазарбаларни бошлаб юборди. Бу ҳолга "томошабин” бўлаётган давлатлар эса Путинга қарши "медиазарба”га ўтди: тинч аҳолидан ҳалок бўлганлар сони фалонтага етди... Яна "шоу”: бири курашмоқда, иккинчиси кузатмоқда!
Асадга ҳам ҳайронсан, киши. Президент деган амалинг бор. Бир юрт тақдири сенга ишонилган. Халқ орзу-умидлари, фаравон ҳаёти ва тинчлигига сен масъулсан. Сурияда қабиҳ ниятдаги турли- туман балолар илдиз отишига ҳайкалдек қотиб, қараб туришинг нимаси? Асад эрталабки нонуштасида қандай тансиқ таомлар тортилиши, қимматбаҳо кийиниш ва яна анча нарсани билади. Бироқ, ўз Ватанининг бир бурчагида содир бўлаётган ва дунёга таҳдид солаётган балоларга қарши ҳеч иш қилолмаса, қанақа раҳбар у? "Президентман” дея кўкрак керганинг қаёқда қолди? Халқ кимга ишонсин? Келажак авлод-чи? Ота-боболарнинг хор бўлаётган мозорлари, портлашлардан йўқ бўлиб кетаётган бир неча асрлик тарихий обидалар... Буларни гапирмаса ҳам бўлади.
Бир суриялик болакайнинг соҳилдаги ўлиги дунёни ларзага солди. Ваҳоланки, у мамлакатда тирик "ўлик”ка айланаётган болажонларни санаб саноғига етолмайсан ҳам. Уларнинг кўзёшларини арта олмаган раҳбар - Асад... Тўй-тантана садоси ўрнига портлашларнинг туганмас ваҳший ҳайқириғи, дастурхон бошида энди дуога қўл очилган маҳал, мактабда дарс ўтилаётган пайтда эшитилаётган ўқ, отишма овозига барҳам беролмаган раҳбар - Асад... Уруш дастидан жони ҳалак сурияликларнинг ўз она тупроғини ташлаб, дунёнинг тўрт томонига, тинч кўринган жойига қочиши ва ярим йўлларда ҳалок бўлишига сабаб бўлаётган Президент... У Президент курсисида ўтиришга ҳақлимикан?
Энди вазиятга Саудия Арабистони аралашди. Маълумотларга кўра, Саудия Арабистони Россиядан ҳарбий операцияни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди. Яна Асад ўз ўрнини "яхшиликча” бўшатиб қўйишини, бўлмаса, мажбурий куч ишлатиш йўли билан уни президентлик курсисидан бир четга суриб қўйишлари мумкинлиги ҳақида бонг урди! Ҳануз "ИШИД” балоси ўз "иш”ини қилмоқда...
Суриядаги оғир, ўта оғир вазиятлар олдида Афғонистонда кечган ва кечаётган худкуш воқеалар ҳеч нима бўлмай қолмоқда. Бундай разилликлар қачон барҳам топади? Одамлар одамларнинг қонини тўкмоқда. Одамлар одамларга қарши. Тинч ҳаёт кечираётган онгсиз ҳайвонлар ҳаёти инсонлар ўртасидаги бундай залолатга ботаётган ҳаётдан афзал бўлиб қолаётгандай...
"Шоу”лардан мақсад: динни ниқоб қилиб, уруш бошлаб, натижада "кучли” мамлакат "кучсиз”нинг ҳудудидаги "қора олтин”га "эга”лик қилишими? Бировнинг тинчлигига зулм қилиб, сиёсий майдонни "шоу”га айлантириб, "кимўзар”га ўйнашми? Балки, етар!? Бу кетишда саҳналардаги шоуларга, циркдаги томошаларга ҳеч ким бормай қўяди! Ахир, шоунинг "зўр”и, томошанинг "даҳшат”и замоннинг, бугунги ҳаётнинг ўзгинасида реал намойиш этилмоқда!
Сиз нима дейсиз, эй аҳли ОНГ?
Жасур ҲАМРОЕВ
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://shov-shuv.uz/uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|