Қарши шаҳрида Бош прокуратура, Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари ҳақида маълумот берилди.
Анжуманда Олий суд раиси Козимжон Комилов мазкур воқеага тўхталиб, бу бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилишини маълум қилди.
«Тергов ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким айбдор бўлади, мен билмайман. Лекин уларнинг иши очиқ судда кўрилади ва унда журналистлар, блогерлар бемалол қатнашиши мумкин бўлади», деди Олий суд раиси.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ички ишлар ходимларига 102 орқали жиноят ҳақида хабар соат 9:49 да келиб тушгани, ходимлар воқеа юз берган жойга хабар тушгандан сўнг, 21 дақиқа ўтиб, соат 10:10 да етиб борган ва иш бошлагани ҳақида сўзлаб берди.
Унинг қайд этишича, жиноят ташкилотчиси экани айтилаётган З. Б. 18 август куни Чироқчи туманидаги яшириниб ётган жойидан соат 17:05 да топилган. Унинг отаси ўз укасининг хотинини ўлдириб, ҳозир қамоқда ўтирибди.
— Бу икки гуруҳ ўртасидаги жанжал мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган. Бирининг укаси, яна бирининг шогирди баҳслашган. Бири ютган, бири ютқазган. Шундан келишмовчилик бошланган, лекин ҳеч кимга хабар берилмаган, — дейди ички ишлар вазири, — Марҳум ёнида пневматик қурол олиб юрган, машинадан ҳам чиққан. Пневматик тўппонча ҳаво ва газ билан тайёрланадиган қурол десаям бўлади. Ҳозир Қарши ва Тошкентдаги қурол дўконларида сотиляпти.
Вазирнинг айтишича, айни пайтда қурол дўконларини тартибга солиш бўйича ҳужжат тайёрланмоқда. Ҳозирга қадар бўлган даврда сотилган қуролларнинг эса ҳисоби юритилмагани таъкидланди.