Ўз вақтида СССР доҳийси Иосиф Сталиннинг хос соқчиси, аниқроғи, қўриқчилар хизмати раҳбари ҳисобланган генерал-лейтенант Николай Сидорович Власик ҳақида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмас. Хўш, генерал Власик аслида қандай одам бўлган? Унинг қандай сирлари мавжуд эди?..
Маълумотларга кўра, Власик Сталиннинг ёнида 1919 йили илк бор пайдо бўлган. Сталин уни ёқтириб қолгандирки, аввалига тезкор бўлимнинг оддий ходими сифатида ишлаган. 1927 йили айнан Власикнинг зиммасига «халқ доҳийси» Иосиф Сталинни қўриқловчи соқчилар отрядига командирлик вазифаси юклатилди. У ҳақиқатан фақат Сталиннигина қўриқлаши лозим бўлган. Нафақат қўриқлаш, балки доҳийнинг инжиқликларига чидаш, унга ёқадиган иш ва дам олиш шароитини яратиш ҳам худди шу генерал Власикнинг гарданида эди. Қолаверса, унга нафақат Сталин, балки Берия ҳам кўрсатмалар берарди. Власикка бу кўрсатмалар ёқмасди. Аммо иложи қанча. Бериянинг кимлигини, Сталиннинг ўнг қўли эканини ҳам яхши биларди. Бундай одам билан ёвлашиш нималарга олиб келишини яхши англарди. Бериянинг буйруғи билан Власик Сталин учун мамлакатнинг ҳар бурчагида махсус объектлар, дам олиш зоналарини ташкил этди. Ҳудудларда қўриқчилик хизматини аъло даражада ташкил этилишини таъминлади. Сталин бу ҳудудларнинг кўпчилигида умуман бўлмасди. Баъзиларига йиллаб бормасди. Бироқ Власик барибир қулай шароит яратишга, бу шароитларни назорат этишга мажбур эди.
Власик халқ доҳийси фойдаланадиган транспорт воситалари, болаларининг ўзини тутиши, уларнинг қўриқланиши учун ҳам жавобгар эди. Қизил Майдондаги намойишлар, парадлар, Мавзолей атрофидаги хавфсизлик учун ҳам албатта генерал Власик балогардон эди.
Сталинни қўриқлаш бошқармасининг йиллик бюджети 170 миллион рублдан иборат эди. Ваҳоланки, бу ўша давр учун жуда катта пул ҳисобланган. Шу пулдан Сталиннинг хавфсизлиги, овқатланиши, дам олиши, кўнгил ёзиши учун ҳам қанча керак бўлса албатта ажратиларди. Айнан шу пуллар эвазига Сталин учун махсус паррандачилик фермаси, алоҳида қорамол етиштирувчи фермалар, нонвойхоналар, сабзавот базалари ва ҳоказолар ҳам бунёд этилганди. Буларнинг хавфсизлиги учун ҳам Власик жавобгар эди.
Ҳаммаси яхши, кўнгилдагидек кетаётганди. Доҳийга хизмат қилиш асносида Власик кўплаб давлат сирлари, Сталинга тегишли махфий маълумотларгача ҳаммасидан хабардор эди. Кўз тегдими, худо билади. Генералнинг иши негадир Берияга ёқмай қолди. Устига устак Сталин дам оладиган дала ҳовлидаги қўриқчилардан бири номаълум сабабларга кўра ҳибсга олинди. Қўриқчи эса жонини сақлаб қолиш ниятида ёлғондан генерал Сталинни заҳарлаб ўлдириш ниятида эканини айтди. Берия зудлик билан Власикни қўлга олиш ҳақида буйруқ берди. Сталин эса бу ҳақда хабар топгач, қотиб-қотиб кулди. Кейин эса Власикни озод этиш ҳақида буйруқ берди. Нафақат озод этди, балки ҳаётини ҳам ўзига ҳадя қилди.
Афсуски, орадан 4 йил ўтиб Власикнинг бошига яна кулфат тушди. Берияга унинг Сталин билан бу қадар яқин бўлиши ёқмас экан. Бўҳтон уюштирди.
Власик ҳар доим эрталаб дала ҳовлидаги хоналарни шахсан кўздан кечириб чиқарди. Ўша гал ҳам хоналарни айланиб юриб Вазирлар Кенгашига тегишли бланка топиб олди. Топди-ю, ўқимасдан ҳам киссага урди. Дафъатан қуроли аскарлар кириб келди-ю, уни қўлга олди. Кейинчалик Берия Власикка қўл остидаги ҳарбийлар қимматбаҳо ичимликлар, егуликларни ўғирлаётганини баён қилди. Аслида бу бўҳтондан бўлак нарса эмасди. Власик қўл остидаги ҳарбийлар бундай паст кетмасликларини яхши биларди. Лекин илож қанча. Тақдирга тан беришдан бўлак чораси ҳам йўқ эди…
Бу гал Сталин унинг ёнини олмади. Шу туҳмат билан генерални ишдан олишди. Уни Асбест шаҳри яқинидаги аҳлоқ тузатиш колониясига оддий офицер сифатида жўнатишди.
Власикдан кейин Сталиннинг шахсий котиби генерал-майор Александр Поскрёбышев ҳам балога йўлиқди. Уни давлат сирларини сотганликда айблашди. 1952 йил декабрида эса Власикни ҳам қамоққа олишди. Уни ҳам ватанни сотганликда айблай бошлашди. Хайриятки, кўп ўтмай, Сталин оламдан ўтди. Власикни турмадан озод этишди. Айбловлар бекор қилинди. Лекин давлат тепасига келган Никита Хрущев генерал Власикдек одамларни яхши танимай туриб озодликда сақлашни истамади. Айнан Хрущевнинг буйруғига кўра, Власикни қўлга олишди. Бу гал уни молиявий жиноятларга қўл урганликда айблашди. Уйи тинтув қилиниб, кўплаб биллур идишлар, қимматбаҳо буюмлар, картиналар, ўттиздан ортиқ қимматбаҳо фотоускуналарни топишди.
Генерал-лейтенант Власикни 1955 йил январида суд қилишди. У 5 йил муддатга сургун қилинди. Власикдек кўпни кўрган ва СССР марҳум бош котиби Сталиннинг барча сирларидан воқиф генерал учун бу жазо энг енгили эди. Хўш, нега бундай енгил жазо тайинлашди? Бир шарт билан. Власик давлат, Сталин билан боғлиқ махфий маълумотларни ҳеч қачон ошкор этмаслиги шарт эди. У қасам ичди. Бу қасам абадий қасамлигича қолди деб ўйлайсизми? Йўқ албатта. Власик ўзи воқиф бўлган сирлар билан боғлиқ шахслар ўлиб кетгандан кейин, хавфдан, таъқиблардан холи эканига кўзи етгач, мемуар ёзишга тушди. Ана шу мемуарига бир пайтлар ошкор этмасликка қасам ичган сирларни бирма-бир киритишни ният қилди. Яна омади чопмади. У оламдан ўтди. Сирлар мемуарга киритилмай қолди. Уларни генерал-лейтенант Николай Сидорович Власик ўзи билан қабрга олиб кетди.