Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари хакерлар ҳужумига учраганини маълум қилди.
"Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 2021 йилнинг 6 январь куни вилоят, шаҳар ва туманларнинг расмий сайтлари хакерлар ҳужумига учраганлигини маълум қилади.
Ҳозирда сайтларни асл ҳолида ишлатиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этилади”, – дейилган ҳокимият телеграм канали орқали тарқатилган хабарда.
Айни дамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий саҳифаси офлайн режимда ишламоқда.
Газета.уз хабарига кўра, вилоят ҳокимлиги сайтларига ҳужум учун жавобгарликни "Clone Security” хакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган.
Хакерлар вилоят ҳокимига йўллаган мурожаатида, улар ҳокимликнинг барча ёпиқ қарор ва мурожаатларига эга эканликларини ва агар ҳокимлик АКТ соҳасида яхши мутахассисларни ишга қабул қилмаса ушбу қарорлар интернетда эълон қилинишини хабар қилишган.
Хабарда, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг АКТ бўлимида ишлайдиган ходим 2 ҳафта олдин ўз кабинетида калтакланганини ва 18 декабрь куни Президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатномасидан сўнг ишдан бўшатилгани маълум қилинган.