Сув — табиатнинг бебаҳо неъмати, бамисоли ер, қуёш ва ҳаво сингари инсоният, ҳайвонот ва наботот олами тириклигининг асосий омилидир. Биз уни ҳар доим истеъмол қиламиз ёки қандайдир коримизга ишлатамиз. Оби ҳаёт Ер куррасининг катта қисмини эгаллашини, совуқда музлашини, иссиқда газга айланишини яхши биламиз.
Булар сизу биз ўз кўзимиз билан кўриб, ишонч ҳосил қилишимиз лозим бўлган оддий ҳодисалар. Аммо сувнинг яна бир мўъжизавор хоссаси борки, кўпчилигимиз буни сезмаймиз. Аниқроғи, у ҳар қандай қувватни ўзида акс эттирувчи ахборот ташиш омили эканлигини, гоҳида инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи манбага айланиши ҳам мумкинлигини хаёлимизга келтирмаймиз.
Мазкур мақолада сув ёрдамида узоқ умр кўриш сирларини баён қиламиз. Сиз улар билан кун давомида бир неча бор тўқнаш келгансиз!
Бу сирни Абу Али ибн Сино узоқ умр кўриш рецептларида айтиб ўтган. У қаришнинг асосий омили "организм сўлиб қолишида", деб ҳисоблаган.
Замонавий илм-фан ҳам бу фикрни тасдиқламоқда – ёш ўтиши билан организмдаги сув миқдори камайиб боради.
Бу эса қон ва лимфаларнинг қуюқлашиши, тери, мушаклар эгилувчанлигининг камайиши, бош, бўғимдаги оғриқларга олиб келади.
Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Жавоб жуда оддий - организмни намлантириш, суюқлик билан тўйинтириш, яъни сув ичиш керак. Бироқ қачон ва қай ҳолда?
Маълумки, сув организмимизнинг асосини ташкил қилади. Сув яна маълумот ва қувват ташувчи саналади. Танада қувватни етказиш учун ҳам кўп миқдорда сув талаб этилади. Кўплаб қувват машқлари, мисол учун тета-хилинг ҳам организмда етарли миқдорда сув талаб қилади.
Муҳими, сув ҳар қандай яхши ва ёмон маълумотни ёзиб олади. Унинг ёнида кимгадир бақирсангиз, у салбий маълумотни ўзида акс эттиради, чиройли мусиқа эшитсангиз ёки муҳаббат акс этган сўзларни айтсангиз сув ижобий ахборотга эга бўлади.
Соғлиқ учун фақат мусбат қувватга эга сув фойда келтиради.
Йоглар сувни эрталаб совуқ бўлмаган, аксинча 40 градусдаги иссиқ-илиқ ҳолатда истеъмол қилишни тавсия қиладилар.
Қанча ичолсангиз, мисол учун 1 стакан, 2, 3.... шунча ичишингиз мумкин. Бироқ бошланишида аста-секинлик билан кўпайтириб боринг.
Агар аввал эрталаблари сув ичмаган бўлсангиз ёки уни умуман кам истеъмол қилсангиз, бир неча қултумдан бошлаб, кун сайин дозани ошириб боришингиз мумкин.
Қайси ҳароратдаги сув фойдали?
Уни яна "тезкор сув” деб ҳам атайдилар. Ҳа, айтганча, биласизми, организмнинг қаерида сув сўрилади? Кўпчилик бу саволга ошқозонда, деб жавоб беради.
Ошқозонда ҳазм қилиш жараёни содир бўлади, сув эса ингичка ичакда сўрилади. Тезкор сув – демак айнан у ингичка ичакка тезкорлик билан етиб боради!
Агар сиз ошқозонимизнинг тузилиши билан қизиқиб кўрган бўлсангиз шуни биласизки, фақат сувгина ундан ҳеч қандай тўсиқларсиз, ҳазм қилишни талаб қилмай, ўтиб кетиши мумкин.
Эътибор қилинг: фақат сув! Чой, қаҳва, ўсимлик дамламалари, компотлар эмас. Уларни майдалаш учун ҳазм қилувчи ферментлар талаб этилади.
Нима учун илиқ сув ичиш керак?
Чунки муздек сувни ошқозон аввал иситиб, кейин ўтказиб юборади. Хитойликлар эса сув ва бошқа таомларни иситиш буйраклар қуввати ҳисобига амалга оширилади, деб ҳисоблайдилар, шунинг учун муздек сув ичишни тавсия қилмайдилар.
Буйраклар қувватини беҳуда сарфламасдан, уни асраб-авайлаш ва кўпайтириш лозим.
Яна бир муҳим нарса. Ошқозонга сув тушган вақтда ҳазм қилиш жараёни содир бўлмаётган бўлиши керак, акс ҳолда ақлли организм уни ичакка эмас, ҳазм қилиш ферментларини аралаштириш учун йўналтиради.
Демак, эрталаб оч қоринга фақат илиқ сув ичиш лозим. Мана шу тезкор сувнинг учта шарти ҳисобланади. Унга миннатдорчилик сўзларини ҳам айтишни унутманг.
Агар шундай қилсак, қандай натижага эришамиз дейсизми?
Сув бевосита ҳужайрага эмас, ҳужайра яқинидаги жойга бориб тушади (ҳужайра ичидаги сув эса шишларга сабаб бўлади). Ҳужайра орасидаги сув эса қон ва лимфаларни эритади, қондаги қанд ва холестерин миқдорини пасайтиради.
Тунда йиғилиб қолган сув танқислиги қопланади, чунки организмда кечқурун ҳам қандайдир жараёнлар содир бўлади, бироқ унга сув етиб келмайди. Баъзилар эса яна тунда терлайдилар ҳам.
Эрталаб оч қоринга ичилган сув заҳарли моддалар, ошқозонда ҳазм бўлмаган овқат қолдиқларини ювади ва йўғон ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Ошқозон - ичак йўлини иш бошлашга тайёрлайди. Ярим соатдан кейин эса нонушта қилиш мумкин бўлади.
Ошқозон-ичак йўлининг тўғри ишлаши барча озиқ моддаларининг тўғри сўрилиши ва узоқ ҳамда соғлом ҳаёт гаровидир. Мана сизга узоқ умр кўриш сири!
Хитой табобатига кўра, сув асаб тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, руҳий зўриқишларнинг олдини олади (руҳий зўриқишдан кейин бир стакан қайноқ сув хўплаб ичилса, организм мазкур салбий ҳолатни зарарсиз "эритиб боради”), хавотирни камайтиради.
Эътибор қаратинг, эрталаб иссиқ сув истеъмол қиладиган инсонларда ажинлар кам бўлади.
Бу фикр кўплаб косметологлар билан муҳокама қилинган, улар буни тасдиқлашган.
Аёллар терисида ижобий ўзгаришни пайқагач, эрталаб 1 стакан эмас 2 ёки 3 стаканлаб сув ичишни бошлайдилар.
Сувни қайси пайтда истеъмол қилган маъқул? Эрталаб 5 дан 7 га қадар ва кечқурун уйқуга ётишдан олдин.
Уйқу олдидан сув ичиш ё ичмаслик ўзингизга ҳавола. Агар шишлар ва тунда ҳожатхонага боришдан қўрқиб, авваллари ётишдан олдин сув ичмаган бўлсангиз, организмни аста-секинлик билан ўргатиш лозим. Муҳими эрталаб сув ичинг! Уни бироз лимон суви билан нордонлаштириш ҳам мумкин.
Бироқ чой, компот ёки бошқа суюқлик сувнинг ўрнини боса олмаслигини унутманг!
Сидқидилдан қилинган тоат-ибодат, эзгу тилаклар, ширин сўзлар ва дилрабо куйлар сувга ижобий хусусият бағишлайдиган восита вазифасини ўтай олишини ёдда тутинг. Сувни идишга солгач, у билан обдон "суҳбатлашинг”. Фақат қалбингизни қийнаётган муаммолар ҳақида чурқ этманг, чунки улар зарарли унсурлар миқдорини кўпайтириб юборади. Энг муҳими, сиз сувдан завқланинг. Жуда бебаҳо, ажойибдан-ажойиб неъмат эканлигини айтиб, уни мақтанг. Сиҳат-саломатлик, фаровон ҳаёт, бахт, севги, Аллоҳ, илоҳиёт, табарруклик, муқаддаслик ва бошқа эзгуликлар ҳақида сўз юритинг.
Шунда, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, мўъжиза рўй беради. Илиқ гапларни "тинглаган” сув ўз таркибини тўлиқ ўзгартириб, мусбат қувватга эга бўлади. Бу инсон саломатлиги учун ўта муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўтмишда аксарият азайимхону табиблар беморларни айнан дам солинган, қайтариқ қилинган оби-ҳаёт билан даволаганлар. Коҳинлар ҳам бутхоналарда ўтказиладиган сирли ибодатлар пайтида хочлардан ташқари, таркиби яхши тилаклар ила бойитилган сувдан ҳам фойдаланганлар.