"ТАЛАБАМАН, БОЛАМ УЧУН НАФАҚА ОЛМОҚЧИМАН”
Олий ўқув юртида контракт асосида ўқийдиган талаба бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ҳар ойлик нафақа олмоқчи. Талаба мазкур турдаги нафақа олиш учун қаерга мурожаат қилиши ва қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?
Жамила У., Самарқанд вилояти.
Фаррухжон Файзиев, ҳуқуқшунос:
— Бюджетдан ташқари корхоналарда ишловчи оналарга бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ҳар ойлик нафақа иш жойидан тайинланади ва тўланади.
Агар она ишламаса (сизнинг ҳолатдагидек) ёки бюджетдан молияланадиган ташкилотда ишласа, нафақа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) томонидан тайинланади ва тўланади. Агар оила нафақага муҳтож бўлса, маҳалла уни тайинлайди. Эҳтиёжмандлик мезонлари ва нафақа олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлган шахслар Низом билан белгиланган. Ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оила эҳтиёжманд деб ҳисобланади.
Нафақа олиш учун фуқаролар йиғини раиси номига тегишли ариза бериш ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилиш зарур:
белгиланган шаклдаги оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.
Аризани оила ушбу нафақани олиш истаги бўлган ойдан олдинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай бериш лозим.
Ариза маҳалланинг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Агар оила аъзоларининг ўртача ойлик жами даромад миқдори нафақа тайинланишини тақозо этса, комиссия оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текширади. Шундан кейин нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади.