Тана – ички олам кўзгуси cаналади. Ташқи кўринишимиз, қоматимиздаги у ёки бу қусур ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, балки руҳиятимиздаги яширин муаммолардан дарак беради. Муҳими, вужудимиз харитасини яхшилаб ўрганиб, ундаги белгиларни тўғри талқин қила билиш керак. Шундагина руҳимиз равшан, қоматимиз эса тик ва гўзал бўлади.
Иккинчи даҳан фикрини тўлиқ ифодалай олмайдиганларда учрайди. Бундай инсонлар ўз нутқини бўяб-бежашга харакат килишади. Кўпинча ярим ҳақиқат ва ярим ёлғон орасида мувозанат сақлашга интилишади.
Ечим: балки бир муддатга бўлса-да, ўйлаганларингизни очиқ-ойдин, яширмай айтишга уриниб кўрарсиз. Буни ташқи гўзаллигингизга таъсири курсатиши ҳақида ҳам ўйланг.
Бўйиндаги еттинчи умуртқа поғонаси атрофида тўпланадиган ўзига хос ёғ қатлами айбдорлик белгиси ҳисобланади. Инсон ўзини ўзи бирон нарсада айблаши ёки атрофдагилар унга шу ҳисни сингдиришлари мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам бу айбдорлик юки шу қадар оғирки, баъзан жисмоний жиҳатдан ўзини кўрсатиб, бўйнингизни эгиб қўяди.
Ечим: агар ўзингизни аниқ бир нарса учун айбдор деб ҳис этсангиз, хаёлан бирор жазо ўйлаб топинг ва уни бошдан кечиринг. Шунда айбдорлик ҳисси ортга чекинади.
Қўллар – уларга қараб инсоннинг ижтимоий мослашувдан нақадар муваффақиятли ўта олиши баҳоланади. Яъни бирон янги жамоага кирганда, у қанчалик киришиб кета олади ёки йўқ – буни қўллар ошкор этади. Кўпчилик орасида ўзини ноқулай ҳис этадиганларнинг бармоқлари, билаги ва кафти семиради.
Ечим: киришимлиликка ҳам ўрганса бўлади. Буни аввалига танишлар орасидан бошланг. Аста-секин нотанишлар билан ҳам дадилроқ муомала қилишга ўтинг. Қўрқманг, еб қўйишмайди!
Елкалар – масъулият юкини кўтариб юргани учун ҳам, инсоннинг нақадар масъулиятлилиги уларга қараб белгиланади. Ўзи қодир бўлгандан ортиқроқ масъулиятни зиммасига олганларнинг елкаси қийшайиб, қомати хунуклашади.
Ечим: зиммангизга бировларнинг юкини олманг, аксинча, вақти-вақти билан ўзингизникини кўтаришиб юборишлари учун атрофдагилардан ёрдам сўраб туринг.
Бел – ҳиссиётга берилувчан инсонларнинг нозик жойи. Атрофдагиларни ўз мурувватингизу ачинишингиз билан эзиб қўймаслигингиз учун, белингизнинг атрофида ёғ тўплана бошлайди.
Ечим: ҳиссиётга берилувчанлик одатини ташланг. Унутманг, атрофдагилар кўпинча ўз муаммоларини ўзлари ҳал эта оладилар. Сиз ортиқча меҳрибонлигингиз билан уларга факат халақит беришингиз мумкин.
Қорин – жами қўрқув ва хавотирларнинг макони. Кўпинча фарзанди билан муаммолари бўлган оналарда ёки бирон янги ғояни пишитиб юрган ижодкорларда қорин катта бўлади. Ортиқча хавотирларга берилиш қоринни катталаштириб, хомсемиз қилиб қўяди. Катта ва қаттиқ қорин амалга ошмаган оналик туйғуси белгисидир.
Ечим: Дейл Карнегининг маслаҳатига амал қилинг: «Хавотирланишни бас қилиб, яшашни бошланг!».
Биқинларнинг семириб кетиши ўз-ўзидан қониқмаслик ва шунга боғлиқ тарзда юзага келадиган жиззакилик натижасидир. Бу туйғу атрофдагиларга ҳам юқади.
Ечим: камроқ танқид, кўпроқ ҳаракат лозим. Бошқаларни ўз бахтсизлигида айблаб ўтириш – боши берк кўча дегани. Яхшиси, нима қилсангиз ҳаётингиз яхшироқ ўтиши ҳақида ўйланг.
Оёқларнинг тиззадан тепаси семириши кучли хусусий мулкчилик туйғуларининг натижасидир. Улар эски нарсаларни ташлаб юборишни исташмайди. Аҳамиятини йўқотган муносабатларни ҳам сақлаб туришга интилишади. Ўзларига ёқмаса ҳам, эски ишларини тарк этгилари келмайди.
Ечим: ҳаётингизга янгиликларни киритиш учун уларга йўл бўшатиш, жой очиш керак. Ўз одатларингиз ва қадриятларингизни тафтиш этинг. Уларни саралаб олганингиздан сўнг, танангизнинг бу қисмидаги муаммодан ҳам халос бўласиз.