Ёз кечаларининг бирида барча яқинларимиз билан тоғ қўйнидаги сўлим гўшада дам олаётгандик. Суҳбат мавзуи атрофимизда рўй бераётган турли жумбоқларга бориб тақалди. Руҳлар мавжудми, деган саволга йиғинда иштирок этаётган оиламизнинг яқин дўсти бўлган Икром амаки ишонч билан "Бор!” дея жавоб берди. Чигирткалар бир маромда чуриллаётган ойдин кечада унинг баралла янграган овозидан этимиз жунжикиб, титраб кетдик. Юракка бир ваҳима инди. Наҳотки Икром амакидай жиддий, оғир-вазмин одам руҳларга ишонса-я, дея ҳаммамиз ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик. Орага сукунат чўкди. Даврадагиларнинг бари Икром амакининг оғзига тикилган.
— Тиззамга қарасам, бу даҳшатли воқеа эсимга тушади, — дея ҳикоясини бошлади у. — Кўз олдимда бари кечагидай гавдаланади. Хуллас, воқеа мана бундай бўлганди. Мен ўша пайтларда энди ўн саккизни қаршилаган навқирон йигит эдим. Армияда ўзимнинг аскарлик бурчимни адо этиб юрардим. Кўзида қўрқув йўқ, жасур, ҳеч нарсадан қайтмайдиган йигит бўлганим учун, одатда, бошимга келадиган кўргиликларга ўзим сабабчи эдим. Ўша кун ҳам йигитларга бош бўлиб, ҳарбий машқлардан кейин полигон теварагини айланиб келишни таклиф қилдим. Қуёш тиккага олган маҳал ён-атрофда биз, тўрт йигитдан бўлак тирик жон кўринмасди. Шаҳар чеккасидаги хилват жойга куннинг қоқ ўртасида чўккан сукунат кўнгилга ваҳима соларди. Кўчаларнинг ифлослигига эса қараб бўлмасди. Афтидан, атроф-муҳитнинг тозалиги бу ерлик одамларни асло қизиқтирмайди, чоғи, деб ўйладим. Бироздан кейин ташландиқ бир бинога дуч келдик. Эшигу деразалари синиб, осилиб ётган бино ниҳоятда хароб аҳволда эди. Кириш эшигидан ичкарига назар солдик. Ҳамма ёқни ўргимчак ини босиб кетганди.
— Юр, ортга қайтамиз, ичкарига кирмаймиз, — деди ўртоқларимдан бири.
— Нега, қўрқяпсанми? — сўрадим масхараомуз оҳангда.
— Йўқ, шунчаки ичкарига киргим келмаяпти. Хосиятсиз жойга ўхшайди, назаримда.
— Қўй бу гапларингни, ундан кўра қўрқяпман, деб айт! — дедим.
Бу сафар истеҳзоли кулгидан дўстимнинг фиғони фалакка чиқди. У шартта ёқамга ёпишди. Агар яна икки ўртоғим бўлмаганида биз аниқ муштлашган бўлардик. Аслиддин билан ака-укадай иноқ эдик. Ўша кунга қадар асло тортишган ёки ёқалашмагандик. Бехосият жойлиги остонадан билинганига, бизнинг юрагимизга шайтон васваса солгани хаёлимга ҳам келмади. Дўстларимнинг қаршилиги мени ортга қайтаролмади. Сирли куч каминани ичкарига киришга ундарди. Уларнинг учови ҳам ортга қайтишди. Ичкарига ёлғиз кирдим. Ўлик сукунатда ўзимнинг қадам товушларим эшитилади. Бўм-бўш хоналарда каравотлару чанг босиб ётган тўшаклардан бўлак ҳеч нарса йўқ. Талабалар ётоқхонаси бўлса керак, деган хулосага келдим. Шу тариқа тўрт қаватни ҳам айланиб чиқдим. Жавонларда унутиб қолдирилган бир-иккита кийимлар, ифлос идишлар, деворларда дунёга машҳур актрисаларнинг суратлари илинган. Чанг босганидан уларнинг юзи аниқ кўзга ташланмасди. Бирдан ўзимни лоҳас ҳис этдим. Уйқу тортди. Матрацлардан бирини қоқиб, тагимга тўшадим-у, ухлагани чўзилдим. Қанча вақт ухлаганимни билмайман, бироқ йиғи товушидан уйғониб кетдим. Нола қилиб йиғлаётган товуш қиз боланикига ўхшарди. У борган сари яқинлашиб келарди. Ўрнимдан туриб, йўлакка чиқдим. Йўлак бошида уст-боши жиққа ҳўл, сочлари ёйилган бир қиз жовдираб турарди. У қўллари билан юзини ёпиб олганди.
— Синглим, тинчликми, ёрдам керакмасми? — сўрадим секин унга яқинлашиб.
У қўлларини олиб, бошини кўтарди. Қизнинг юзи қонлигини кўриб, беихтиёр сесканиб кетдим. Менга боққан кўзлар эса нафратга тўлалигини кўриб, бутун вужудим музлаб қолди. У шундай хунук тиржайдики, юрагим ёрилишига сал қолди. Қиз ўз-ўзидан бирдан ғойиб бўлди. Мен кўзларимга ишонмасдим. Кўзимга кўринди, шекилли, деб ўйладим. Ортимга қайрилсам, у дераза токчасида турибди. Қиз мендан кўз узмасди.
— Ҳой, қиз, туш пастга, ҳозир йиқиласан, — дедим хавотирланиб.
У бир оғиз гапирмас, фақат тикилар, йиғлар ва куларди. Мен уни шу яқин атрофда яшайдиган бирорта телба қиз бўлса керак, деб ўйладим. Унинг ёнига яқинлашиб, қўлидан тутиб, пастга туширишга аҳд қилдим. Қизга яқинлашишимга бир қадам қолганда у ўзини деразадан ташқарига отди. Унга ёрдамга шошилдим, бироқ дераза олдидаги қувурдан чиқиб турган учли темир тиззамга кириб кетди. Мен кучли оғриқдан чинқириб юбордим. Оёғимдан шариллаб қон оқарди. Қиз эса ғойиб бўлганди. Болалигимдан қонни кўрганда ҳаяжонланадиган, ҳушимдан кетадиган одатим бор эди. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Ҳушимга келганимда атрофимда дўстларимни кўрдим. Улар менга биринчи ёрдам кўрсатиб, қонни тўхтатишга эришгандилар…
Шаҳардаги одамлар бу ташландиқ бино ҳақида сирли ҳикояни сўзлаб беришди. Маълум бўлишича, бу машъум воқеага чамаси ўттиз йиллар бўлган экан. Қасоскор қиз руҳи тинчимагани учун тирик жон бу бехосият жойга на кундузи ва на кечаси яқинлашишга журъат қиларкан. Харобага айланган бинода бир вақтлар қувноқ ҳаёт қайнаган институт ётоқхонаси бўлганига ишониш қийин. Бу ерда бир бечора қиз иффатини йўқотиб, ҳаётини давом эттиришдан маъно тополмагач, ўз жонига қасд қилган экан. Энг қизиғи, у бу ишни қилишдан аввал ювиниб, юзини тимдалаганча ўзини тўртинчи қаватнинг деразасидан отган. Мен кўрган ўша воқеа ўттиз йил бурун бўлган. Демак, қизнинг безовта руҳи ҳали-ҳамон тинчимаган. У ўзини шунча йиллардан буён жазолаб келаркан. Бу воқеани менга ўхшаб жуда кўпчилик кўрган. Уларнинг баъзилари тирик, баъзилари бетоб, баъзилари ўша ернинг ўзида юраги ёрилиб ўлган. Қизнинг номусига текканлар ўрнига бир деҳқоннинг бегуноҳ боласи қамалиб кетгани ҳаммани ларзага солган бўлса, ўша тўрт номарднинг сирли ўлими буткул ўйлантириб қўйди. Гуноҳкорларнинг ўлимидан сўнг қизнинг арвоҳи тинчир, деб ўйлашган. Бироқ талабалар йиғи товуши кечалари билан тинмаслигини айтиб шикоят қилаверишган. Боз устига бир нечта йигитларнинг сирли ўлимидан сўнг институт маъмурияти ётоқхонани бошқа жойга кўчиришга қарор қилган. Одамлар бу ерда ҳар хил маросимлар, барча ирим-сиримларни ўтказишган. Ўша қизнинг ота-онаси яқинларини чақириб, қурбонлик қилишган, аммо, барибир, қизнинг қасоскор руҳи тинчимаган. Шу сабаб маҳаллий аҳоли у жойни бехосият санайди. Харобазорга айланган ўша бино теварагига ҳеч ким яқин йўламайди. У ерга яқинлашганни сирли кучлар ичкарига чорлайди. Ичкарига кирган эса соғ чиқмайди. Дўстларимнинг ортга қайтиб, менга вақтида ёрдам беришгани омадим чопгани бўлган, холос. Ҳали дунёдан насибам узилмаган экан-да, — дея ҳикоясини тамомлади у.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|