Бугун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида қидирувдаги шахслар ҳақида хабар берилди.
Унда Тошкент шаҳри аҳолиси ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан огоҳлантирилган ва бегона шахсларни хонадонга умуман қўймаслик, турли найранг, алдовларга ишонмаслик сўралган.Хабарга кўра сув ичиб олиш, йирик купюрадаги пулларни майдасига алмаштириб олиш, ҳожатини чиқариб олиш ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб олиш баҳонасида уйларга кириб турли жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган, воқеа жойи яқинида жойлашган видеокузатув камерасига тушган шахслар суратлари келтирилган. Ушбу шахслар ҳақида маълумотлар келтирилар экан, улардан бири "вилоятликларга ўхшаб кийинган"лиги таъкидланган.
Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайтида чиққан бу хабар ва "вилоятлик шахсларга ўхшаш" атамаси ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг эътирозига сабаб бўлди.
Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайти юқоридаги жумла сайт ходимининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққанлигини маълум қилди:
"Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан юртимиз фуқаролари бундай атама билан тоифаланмайди, бундай ҳолат хабарни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлиги туфайлигина келиб чиққан. Буни ҳеч қандай ғараз мақсад эмас, шунчаки тушунмовчилик сифатида қабул қилинишини сўрар эдик".
Хабарда айтилишича, ҳозирда ходимга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган.