Тошкент шаҳрида Янги йил байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги кириб келаётган янги йил байрами муносабати билан байрам арчалари пойтахтнинг 9 та майдонида ўрнатилишини маълум қилади.
Байрам иштирокчилари, меҳмонлар, айниқса болажонлар, шунингдек транспорт ҳаракати хавфсизлигига устувор ўрин берган ҳолда, бу байрамнинг "Бош арча”си учун янги жой белгиланди.
Байрамнинг биринчи рақамли арчаси ва бош саҳна "Анҳор-Локомотив” боғи (Лабзак мавзеси)да бунёд этилади. Ҳозирда мазкур майдонда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Қарийб 4 гектарлик майдонда байрам арчаси, саҳна, болалар учун аттракционлар, савдо ва овқатланиш шохобчалари бунёд этилади. Шунингдек, автотранспорт воситаларининг кириб чиқиши ва тўхташ жойлари ҳам белгиланмоқда. Мазкур майдонга бориш йўлларида кенг ободонлаштириш ва байрамона безаш ишларига старт берилган. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва тегишли мутасадди ташкилотлар байрам кунлари юртдошларимизга байрамона кайфият улашиш мақсадида янги театрлаштирилган дастурлар устида иш олиб боришмоқда.
Бундан ташқари, арчалар одатдагидек "Мустақиллик ва Эзгулик” майдони, Алгоритм даҳасидаги Roison Elektronics корхонаси олди майдони, Юнусобод туманидаги "Сайлгоҳ” майдони, Шайхонтоҳур туманидаги "Хадра” майдони, Яшнобод туманида Марказий офицерлар уйи(собиқ Авиасозлар саройи) олдидаги майдон, Сергели туманидаги "Бахтдиёр гузари” майдони, Мирзо Улуғбек туманидаги "Локомотив” истироҳат боғи ҳамда Бектемир туманидаги "Қуёшча нури” боғи ҳудудларида ўрнатилади.