Бувию боболаримиз «Ота-онали фарзанд бўлсин!», «Фарзандларингга бош бўлгин, болаларинг ўзингга буюрсин!» деб дуо қилишларида катта ҳикмат борлигига яна бир карра амин бўлдим. Бунга ҳаётимда юз берган икки воқеа сабаб эди.
Биринчи воқеа уч ўғилни оқ ювиб-оқ тараб катта қилган, эртадан кечгача тиним билмаган келинойимнинг тўсатдан вафот этиши бўлди. Кетма-кет бўйи етиб турган ўғиллари онасининг ортидан бўзлаб қолишди. Каттасини уйлантиришга чоғланиб, совчиликка боришни режалаштирган куни амакимнинг хотини юрак ҳуружига дош беролмай, бу дунёни тарк этди. «Бизни кимга ишониб ташлаб кетаяпсиз?», деб нола қилганча йигитлар қолиб кетишди. Акаларим ва укамга ўша куни, ҳатто, ҳанузгача бирорта таскин сўзи топиб гапира олмаганман.
Ўтган ҳафта метро бекатларидан бирида танишимни кўриб қолдим. Рустам – онамнинг курсдоши Дилбар опанинг ўғли. Адашмасам, мендан бир ёш кичкина. Бу йигитни охирги марта кўрганимга чамаси 10 йиллар бўлди, бироқ бу уни танишим учун тўсқинлик қилмади. Қизиғи у ҳам мени таниди. Бир-биримизни дарров саволларга тута кетдик. Аввалига ўқиш, иш ҳакида гаплашдик. Кейин кулиб турган Рустам бирдан жиддий кўринишга кирди.
— Ойинг яхшими? Курсдош дугоналари билан ҳали хам кўришиб туришибдими?
Мен қисқагина қилиб, иккала саволга ҳам «ҳа» деб жавоб бердим.
— Шошмаётган бўлсанг, кел, бироз гаплашайлик?! Олдинлари бизникига кўп меҳмонга келиб турардинглар-а?! Қанийди, ўша вақтлар қайтса...
Рустам оғир хўрсиниш билан тин олди, мен ҳануз жим эдим. Очиғи, нима деб жавоб қайтиришга ҳайрон эканлигимдан сукутни афзал билгандим. Бир нуқтага тикилиб, жим турганимни кўриб, Рустам худди ўзига-ўзи гапиргандек давом этди.
— Укам Равшан билан ҳали ҳам ўша катта ҳовлида яшаяпмиз. Ҳовлига деярли ўзгариш киритмадик. Ҳаммаси ўша-ўша. Талашиб-тортишиб учадиган арғимчоғ эсингдами? У ҳалиям бор! — деб менга юзланди.
Рустам ҳамма билан урушиб, ўтириб оладиган катта арғимчоқни эсларканман ҳовлиларининг кўринишини хаёлан кўз олдимда гавдаланди.
— Ҳовли ўртасидаги олма дарахтини-чи? Эслай оласанми? Ўша вақтлар кичик ниҳол эди, энди эса катта дарахт! Ҳосилга кирган. Олмалари жуда кўп, — дея болаларча энтикиш билан гапида давом этарди.
— Шу дарахтга қарасам, онам кўз олдимга келаверади. Биласанми, ойимнинг касали зўрая бошлаганида, ўзини қўйишга жой тополмай қолганди. Ҳар икки гапининг бирида «Сиздан хавотирдаман», деб айтаверарди. Ўйинга берилиб кетсак, «овқат емаймиз», деб хархаша қилсак, мулойимлик билан койирди. Ҳозир эсласам, бу танбеҳга эмас, кўпроқ эркалатишга ўхшаркан.
Бу вақтда эса мен хаёлан Дилбар опани жонлантирардим. Ҳа-ҳа, айнан жонлантирардим. Дилбар опа жуда мулойим, юзидан нур ёғилиб, лабида доим табассум ўйнаб турадиган чиройли аёл эди. Бундан бир неча йил аввал оғир хастлик — «красная волчанка» туфайли вафот этганди. Уларни кўргани борганимизда, юзларидаги капалакка ўхшаш қизил доғни кўриб, шундай чиройли хол ҳам бўлар эканда, деб ўйлагандим. Бола бўлганим учун ҳеч нарсани тушунмаган эканман.
— Кунларнинг бирида ойим укам ва мени олдига чақириб, ҳар доимгидан ҳам майин овоз билан гапира бошлади:
— Мен жуда узоқларга кетмоқчиман… Анча вақтгача кўриша олмасак керак… Лекин мен сизларни доим соғинаман! Сизлар ҳамма айтганларимни ёдингизда тутинг. Бир-бирингизга меҳрибон, елкадош бўлинг! Вақтида овқатланинг, уй вазифаларини аъло баҳога бажаринг. Рустам, сен каттасан! Укангни хафа қилма, барча ишида ёрдамлаш. Равшан, сен эса акангга қулоқ сол! Отангни бирорта сўзини ерда қолдирманглар, жаҳлини асло чиқарманг. Мен ва отангиз сизни жудаям яхши кўрамиз!
— Ўша куни онам анча пайтгача насиҳат қилиб ўтирди. Бу суҳбатни асло унутмасам керак…
— Иккаланг ҳам яхшилаб эшитиб ол! Ҳовли ўртасидаги олма дарахтини биласанлар-а? Кетганимдан кейин ҳар куни қуш бўлиб келиб, ўша дарахтнинг шоҳига қўнаман-да, мени айтганларимни бажараяпсизларми, йўқми билиб кетаман...
Онам укам билан мени бағрига маҳкам босганча жим ўтирди. Кейин эса мен чарчадим дея ётоқхонасига кириб кетди. Онам эртаси куни тонгда уйғонмади... Шу куни уйимизга бутун шаҳар кўчиб келгандек бўлди. Ойимни тупроққа қўйган кунимиздан кейин уч кун тинмай ёмғир ёғди. Фотиҳага келган барча «Аллоҳнинг қудратини қара! Яхши аёл эди-да, табиат ҳам қўшилишиб йиғлаяпти», деб гапирарди.
— Шу-шу укам билан ойимни олма дарахтига қўниб, бизни кузатишини кутадиган бўлдик. Соғинч ёмон қийнарди… Дарахтга қўнган қушларга қараб, «Онажон, бўлди, етар! Қуш бўлиб эмас, ўзингиз келинг. Сизни жуда соғиндик, ҳамма айтганларингизни қиламиз. Фақат қайтиб келсангиз бўлди», деб йиғлаб илтимос қилардик.
Рустам бу гапларни оғир-босиқлик билан гапираяптику, лекин кўзларидан тинмай ёш оқарди. Мен ҳам энди ерга қараб кўрсатмасликка ҳаракат қилаётган кўз ёшларимни яширмаётгандим.
— Бироқ бандасининг айтгани эмас, Яратганнинг буюргани бўлар экан. Берганига, борига шукр килиб яшашдан ўзга чора йўқ. Шу тариқа кунга кун уланиб, йиллар ўтганини ҳам сезмай қолдик. Бу орада дадамни ҳам бериб қўйдик.
Бу гап мен учун янгилик эди. Юрагим ларзага келди. Наҳотки бу болалар бири йигирма икки, бошқаси ўн тўққиз ёш бўла туриб, бутунлай ёлғиз қолган бўлса... Фикрларим юз-кўзимда акс этди, шекилли, Рустам хаёлан берган саволимга жавоб бера бошлади.
— Яхшиям бобом, бувим, тоғаларим бор. Бахтимизга соғ-омон бўлишсин! Улар билан бирга яшаяпмиз. Ҳеч нарсага зориқтирмасликка ҳаракат килишади. Ҳунарга, меҳнатга ўргатишаяпти. Келинойиларим ҳам худди ўз фарзандидек кўришади. Биласанми, ҳозир ҳам олма дарахтига қўнган жуфт қушларни кўрсам, юрагим орзиқиб кетади. Худди дадам билан ойимни кўргандек бўлавераман.
Рустам тўлиб-тошиб гапириб, бирдан жим бўлиб қолди. Энди суҳбатни давом эттириш менинг навбатим эди.
— Онам дугоналари билан тез-тез бўлмаса-да, баъзан учрашиб туради. Айтишларича, ҳар кўришишганида Дилбар опани, сизларни эслашар экан. Дилбар опа ўтканларидан сўнг сизлардан хабар олгани икки марта боришгани ҳақида эшитгандим. Уканг билан сенинг кўзларингдаги маъюсликни кўриб, чидай олишмаган экан. «Ойим узоққа кетди, уларни кўргани олиб боринглар» деганларингдан кейин сизларникига бошқа бора олишмабди. Ойимдан бунинг сабабини сўраганимда, «Ҳар сафар бориб болалар ва Дилбарнинг ота-онасини битаётган кўнгил ярасини янгилашдан фойда йўқ. Дилбарни исми жисмига монанд дилбар қилиб ўстирган ота-онаси унинг фарзандларига ҳам худди шундай чиройли тарбия беришади. Мард, оқкўнгил йигитлар бўлиб вояга етишига ишонаман», деб хотиржам гапирганди. Сени кўриб, онам адашмаганлигини билдим.
Унинг юзида табассум пайдо бўлди. Ўзини хотиржам сезарди. Кўнглидаги гапларини айтиб, таскин топди чоғи... Иккимиз ҳам энди метро бекатидаги одамларни, уларнинг шовқинини сеза бошлагандик. Соатга қарадим, ишимга аллақачон кечикиб бўлгандим. Хайрлашув сўзини мен бошладим. Суҳбатимиз узоқ давом этган бўлса, хайр-хўшимиз бир зумда тугади. Иккимиз икки томонга қараб, йўл олдик. Кун давомида Рустам билан бўлган суҳбат таъсирида юрдим...
ОРЗУ
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|