Икки ҳафтадан бери гриппман. Менда бу касал иситмасиз ўтмайди. Шунақа ҳолсизланиб ётганимни раҳматли додам кўрганларида мени яхшилаб урушиб берган бўлардилар. "Экология ёмонлашганми ёки шунчаки дангасамисанлар? Бунча кўп касал бўласанлар?” дердилар. Ростан ҳам ёши катталар биз кўп касал бўлишимизни айтишади. Ўзим ва атрофимдаги тенгдошларимда кузатдим, ҳақиқатда бизда баъзи янгича касалликлар пайдо бўляпти. Уларни бирма-бир санаб ўтаман.
1. Номофобия
Бу касалликлар ҳақида ёзишга мени Englishlife.uz сайтида эълон қилинган мақола илҳомлантирди ўзи. Бу мақолада номофобия деган касаллик ҳақида ёзилган. Менимча, бу ҳаммамизнинг орамизда энг кенг тарқалган касаллик.
"Номофобия (no-mobile-phone phobia) — смартфонларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш хасталиги. Баъзи одамларга телефони жирингламаса ҳам жиринглаётгандек туюлади. Бу ҳам технологияга қарамликнинг бир симптомидир.”
Постни ўқидим-у ўз ҳаётимда бўлган мисоллар эсимга туша бошлади. Эҳ, юқтириб "бўпман-ку”!
Бир куни телефоним "заряд”и ўчиб қолди. Уни офисга ташлаб, тушлик қилишга чиқдим. Официант, менимча, бир соатда чой олиб келди. Буюртма қилган тўрттагина сомсам келиши учун яна бир соат кетди, шекилли. Мен эса нимадиримни йўқотгандек эдим. Шу пайт "Telegram”да ўтирганимда ёки adme.ru мақолаларини ўқиб ўтирганимда вақт ўтганини ҳам билмай қолармидим. Баъзи зерикарли дарслар, узоқ қариндошларникидаги йиғинларда, автобус ёки таксида биз телефон экранларига тикилиб ўтирамиз. Бу замонавийликмас. Бу бандилик, хавфли дард!
2. Selfiemania
Ўтган куни бир дўстим "Малика”да энг кўп сотилаётган товарлардан бири селфи-стиклиги ҳақида кулиб гапираётган эди. Селфи қилиб, уни Facebook ёки Instagram’га қўймасдан туролмайдиганлар орамизда йўқ эмас. Ўзим ҳам ҳар ойда икки-учта селфига муаллифлик қиларканман. Твиттердаям аватарга селфимни қўйганман. "Ўзини олиш” барибир яхшимасда. Чойхонага борасиз. Ҳамма номофоблар ва селфиманлар ўша ерда йиғилган ўзи. Дийдор, тансиқ таом, гурунг қаерда қолди? Албатта, шу ерда ҳам жамоавий селфи қилмасдан иложи йўқ.
Яқинда коллежда бирга ўқиган курсдошларим билан йиғилдик. Бир қиз бола курсдошим чиқиб кетиб, беш-ўн минутда қайтиб келди. Коллежда ҳам доим у билан хазиллашардик. "Ҳа, селфи қилиб келяпсанми?” дедим. Эшитганлар кулди. Хуллас, ҳожатхонада ҳам селфи, дарсда ҳам селфи.
Ота-оналар билан селфи қилиш ҳам урфга кирди. Жириновский, Назарбоев, Рамзон Қодиров билан селфи. Энг ошиб тушгани эса марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тобути ёнида селфи.
Умуман олганда, селфичиларга адоватим йўқ, ўзим ҳам улардан бириман. Лекин ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак-ку!
3. Қисман дальтонизм
Бу ўша либос ҳақида! Февраль ойининг охирида интернетда ва бизнинг ўқишда роса шов-шув бўлган кўйлакни оқ ва тилларанг дейдиганлар қисман дальтоник! Уни кўк ва қора рангда кўрадиганларда ҳам дальтонизм бор! Хуллас, кийимнинг асл ранги илмий журналларда ҳам ёзилди. Менга эса оч ҳаворанг ва жигарранг кўринди бу кўйлак. Оқ ва тилларанг деяётганлар хазиллашаяпти деб ўйладим.
4. IELTSmania
Бу касаллик инглиз тилини ўрганаётган ёшлар орасида кенг тарқалган. Айниқса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида жуда кўп IELTSman’ларни учратасиз. Ўзи шу кутубхонада карантин эълон қилса ҳам бўлади. IELTS, TOEFL, SAT, GMAT ва бошқа халқаро имтиҳонларга қаттиқ тайёрланаётганларга раҳмим келади. Ҳаёт мазмунини юзлаб китоблар, подкаст ва видеолардан қидиради улар. Доим инглиз тилида гаплашиб юришади. Оддий гапларда турли мураккаб ибораларни ишлатиш орқали сунъий равишда ўз нутқларини ифодалироқ қилишга уринишади. Бу касалликнинг энг ёмон белгиларидан бири ўзбек тилида қуйидагича гапиришдир:
"Ман university’га bulletin учун request жўнатгандим. Кеча confirm қилишди. Кейин Cyprus University scholaship’и учун apply қилиш deadline’и extend қилинибди-ку!”
Кўчада бекорчи юргандан кўра, ишкал қилиб, одамларга озор етказгандан кўра бу касалликка чалиниш яхшироқдир балки. Билмадим. IELTSманлар ҳеч қачон ўртача натижалардан қониқишдайди. Уларнинг мақсади максимум 9 балл (Инглиз тили она тилиси бўлганлардан ҳам камдан кам одам 9 оларкан) тўплаш мумкин бўлган имтиҳондан 7 ёки 7,5 олиш ва афсуски аксарият IELTSманларнинг хаёли чет элга кетишда. Чет элга кетиш васвасасига тушиш касаллик паталогиясининг энг фожеали босқичи, менимча. Бу ҳақда алоҳида блогпост қиламан, худо хоҳласа.
5. Асабийликни бошқаролмаслик синдроми
Қулоғимизга наушниклар тақиб олиб, баланд овозда қўшиқ тинглаймиз. Ижтимоий тармоқларга кирамиз ва дўст-у душманларимизнинг позитивга бой постларидан ҳайратланамиз. Кимдир "La Terrace”да тушлик қилган, ким қиммат бутик кийимларни ўлчаб кўриш хонасида қиммат кийим билан селфи қилган, ким эса "Локомотив” боғидаги чархпалакда сайр қиляпти. Майли бировнинг бахтига қувонишга кўникиш мумкин. Ёзган постимизга иккитаси, тушунмай, билмай, коммент ёзади. Биз доимо стресс қуршовидамиз. Партада ўтириб, оёғини қимирлатиб ўтирмайдиган талабани, дўконда мижғов харидорларга қўполлик қилиб, ҳатто бақириб кетмайдиган ёш сотувчиларни топиш қийин бўлиб қолган. Асаблар, асаблар... Уларни асраш керак. "Здоровье” журналида ёзишларича... Хуллас, буёғини ўзингиз ҳам биласиз.
Касалликлар рўйхатини тузиб чиқдим. Уларнинг давосини ёзмадим. Умуман олганда, бу мени қўлимдан келмайди ҳам. Табиийки, шунчаки ўзимизга, хатти-ҳаракатларимизга, саломатлигимизга эътиборли бўлишимиз керак. Маънавий соғлом бўлиш учун энг яхши профилактика ота-онамиз, катталар ўгитига қўл силтамаслик, одамгарчилик талабларига риоя қилиш ва албатта китоб ўқиш бўлади.
Posted by Saidaziz A'zamov