"Даракчи” газетасининг ўтган сонида қўшиқчи ва бошловчиларнинг тўй хизматлари ҳақида маълумотлар чоп этилган эди. Навбатдаги сонда эса нашр журналистлари бу санъаткорларнинг харажатларини текшириб кўришга қарор қилишди.
"Узунқулоқ гапларга қараганда, 1 қўшиқни 1 ой "айлантириш”га 5 000дан 10 000 шартли бирлик маблағ талаб қилинар экан. Ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, бир йилда ақл бовар қилмас даражадаги харажат келиб чиқади”, - дейилади материалда.
Аҳад Қаюмнинг таъкидлашича, келишув асосида битта шеър нархи 50-100 доллардан нархланади.
"Айрим пайтларда санъаткорлар "1 ой давомида фақат мен билан ижод қиласиз”, деб 500 долларгача тўлашади”, - тушунтирди у.
"Тарона рекордс” студияси арт-директори Даврон Муқимовга қилинган мурожаат жавобсиз қолиб, у аниқ суммани айтишни лозим деб топмаган, лекин битта қўшиқ яратилишида жуда катта маблағ сарфланишини таъкидлаган.
Бастакор ва хонанда Сарварнинг таъкидлашича, мусиқага сайқал беришга (аранжировка) 600 мингдан 3 млн гача маблағ сарфланишини таъкидлади.
"Қўшиқ шеъри 500-600 минг сўмни ташкил қилади”, - қўшимча қилди у.
Шунингдек, студияда хонанданинг овози билан мусиқани уйғунлаштириш 500 мингдан 1 млн гача, клип суратга олиш учу эса камида 10 млн сўм сарфланиши маълум бўлди.
Битта қўшиқ машҳур бўлишида энг асосий ва энг қиммат харажат промо қилишга сарфланади. Радиода битта қўшиқнинг айланиши радиостанция рейтингига қараб 50 мингдан 200 минг сўмгача боради. Бу қўшиқнинг бир марта янграши учун кетадиган харажат.
Радиода қўшиқни бир марта айлантириш, шу тариқа, 5-20 еврони ташкил қилади. ТВда эса хонанда янада қимматроққа тушади. Жумладан, "Менинг юртим” телеканали орқали қўшиқни бир марта айлантириш нархи кундузги эфир соатларида 60 долларни, кечки эфирда эса 120 долларни ташкил қилади.
Клип тушуриш қўшиқнинг энг катта харажатларидан биридир. Бу борада ҳеч қандай аниқ нарх бўлмай, ҳаммаси, клипмейкер Наримон Султонхўжаевнинг сўзларига қараганда, клипнинг мазмуни ва ғоясига боғлиқ бўлади.
Шундай қилиб, қуйидагича манзара ҳосил бўлмоқда:
Шеър: 50 ш.б. (шартли бирлик);
Мусиқа ва аранжировка: 300;
Клип: 2000;
Радио промо 1 ойда 2 мартадан: 500;
ТВ промо 15 марта ҳар куни 2 мартадан: 5000;
Жами: 7850.
Хонанда мухлисларига битта қўшиқни етказиш учун мана шунча пул сарфлайди.