"Ўзбекистонга ҳалокатли вирус хавф солмайди" дейди Ўзбекистон ҳаво йўллари Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Санъат ШОУМАРОВ.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумот беришича, 5 октябрь ҳолатига кўра, Эбола вируси қурбонлари сони 3879 кишига етди. Касалланганлар сони 8033 кишини ташкил қилди. 8 октябрь куни вирус билан касалланган бемор илк бор АҚШда рўйхатга олинди. АҚШ аэропорти мамлакатга кириб келаётган ҳар бир йўловчини текширишни бошлади. Юзлаб мамлакатдан рейс қабул қилаётган Ўзбекистон аэропортларида қандай чоралар кўрилмоқда?
Ушбу хавфли вирус Ўзбекистонга ҳам хавф солиши мумкинми, деган савол кўпчилик юртдошларимизни қизиқтириши табиий. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Ўзбекистон ҳаво йўллари Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Санъат ШОУМАРОВга мурожаат этдик.
Аэропортлар кечаю кундуз назоратда
Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ДСЭНМ Санитария назорати бўлими миллий авиакомпания аэропортларига кириб келаётган халқаро рейсларни суткасига 24 соат давомида назоратдан ўтказишмоқда. Бундан асосий мақсад юртимизга ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишига йўл қўймасликдир.
Касалланганни ранг аниклаб беради
Хусусан, бугунги кунда ҳар бир халқаро рейс йўловчилари термометриядан ўтказилади. Термометрия текшируви тепловизор ва пирометр ускуналари ёрдамида амалга оширилади. Яъни аэропортларда ўрнатилган тепловизор ускунаси бир вақтнинг ўзида камера орқали 300 нафаргача йўловчини кузатиб, иситмаси бор беморларни махсус ранг ёрдамида акс эттиради. Термометрия йўловчиларда ваҳима уйғотмаслиги учун бу жараён билинтирмаган ҳолда амалга оширилади. Текширув натижасида геморрагик иситма аниқланган йўловчи четга чақирилиб, суҳбатга тортилади ҳамда унинг анамнези, яъни қандай муддатда, қайси давлатларда бўлгани ўрганилади. Суҳбат чоғида йўловчида Эбола безгаги борлиги тахмин қилинмаса, унга ўз йўлида давом этишга рухсат берилади.
Эбола тахмин килинса-чи?..
Ҳарорати бор бемор суриштирилганда унинг эпидемия ўчоғида бўлгани аниқланса, вазирликнинг махсус буйруғи билан Вирусология институтининг навбатчиликда турган мутахассислари текширувидан ўтади, уларнинг хулосаларига қараб, гумондор йўловчи Вирусология институтига жўнатилади ҳамда махсус боксларга жойлаштирилади.
Назоратчилар хам химояланганми?
Ушбу касаллик ҳаво-томчи йўли билан юқмаслиги сабабли текширув ўтказаётган ходимларга хавф солмайди, касаллик фақат бемор организмининг суюқликлари билан тўғридан-тўғри жисмоний алоқада (қон, ажралмалар, пешоб, уруғ суюқлиги, нажас, она сути ҳамда органлар) ёки касалланган ҳайвонлар (масалан, кўршапалак, маймун, антилопалар) орқали юқиши мумкин.
Бемор парвоз пайтида аниқланса...
Экипаж парвоз пайтида кузатув олиб боради, бирор шубҳали вазият сезилса, бемор изоляция қилинади ҳамда парвоз пайтининг ўзидаёқ ердагиларга хабар берилади.
Эболадан қандай сақланиш мумкин?
Эбола ҳаво-томчи йўли билан юқмаганлиги боис унинг юқиш эҳтимоли паст. Касалликни юқтириш учун касалланган шахс билан бевосита мулоқотда бўлиш керак. Шу сабабли касаллик асосан Ғарбий Африкадаги беморларнинг яқинларига ва уларга ёрдам бераётган шифокорларга юқади. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, касалликдан сақланиш учун безгак тарқалган ҳудудларга боришдан ва бемор билан алоқада бўлишдан сақланиш зарур.
Бу мухим
Эбола бугунги кунда инсониятга хавф солган энг йирик эпидемия, дея тан олинди. У билан касалланганда ўлим даражаси 60-90% ташкил қилади.
Суҳбат сўнггида Санъат Шоумаров юртимизнинг барча аэропортларида ҳар бир бемор синчковлик билан текширилиши, шу сабабли Ўзбекистонга ушбу ҳалокатли вируснинг кириб келиш хавфи нолга тенглигини таъкидлаб ўтди.
Лайло РУСТАМОВА ёзиб олди
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|