Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ходимлари бензини тугаб, машинаси йўл четида тўхтаб қолган кекса инсонга ёрдам беришди. Facebook ижтимоий тармоғидаги "Признавайся, Узбекистан” гуруҳида бу борада хабар жойлаштирилди.
Воқеа гувоҳи нафақахўрни суратга олиб, гуруҳда бу борада кичикроқ постинг қолдирди. Унинг сўзларига қараганда, милициячи мураккаб вазиятга тушиб қолган нафақахўр яқинида машинасини тўхтатиб, унга ёрдам қўлини узатган.
"Бугун бу бобо қўлида идиш билан турарди. Унинг бензини тугаб қолди. Мен унга ўз машинамдан қуйиб беришга тўхтадим. Лекин шунда милиция сигнали ўрнатилган Matiz тўхтади, ундан милициячи тушди. У нима деркин, деб тургандим. У эса бензин тўла идиш чиқариб, бизларга берди”, - дейилади хабарномада.
Фойдаланувчиларнинг каттагина қисми милициячининг ҳаракатларидан мамнунлигини ва мағрурлигини билдиришди.
Аммо баъзи бировлар милициячини ҳам, нафақахўрни ҳам турли сабабларга кўра танқид остига олди. Иккинчи томоннинг фикрича, нафақахўр текинхўрликни ўзига касб қилиб олган. Хабар остида фикр қолдирганлар уни ҳар куни йўлда шу ҳолатда турганини ва бензин ғамлаш билан банд бўлишини айтиб ўтишган.