Зўравонликда биз доимо жиноятчини айблаймиз, бундай вазиятда жабрланувчига ҳеч қандай айб қўйилмайди, дейди "Lady.mail.ru” нашри.
Бахтга қарши, буни аксарият инсонлар яхши билиб олган. Аммо баъзи бир аёлларда шундай хусусият мавжудки, бу нарса уларни яна "қурбон” ролини ўйнашга мажбур қилади, турмуш ўртоғи эса золим қаҳрамон образида намоён бўлади. Психологлар бундай хислатларни қандай аниқлаш ва улардан қутулиш йўллари ҳақида сизга маслаҳат беради.
Жаҳлни кўрсатиш тақиқланади
Қаҳр-ғазаб, жаҳл, зарда, нафрат ҳар доим ҳам уни уйғотган одамга нисбатан очиқ кўрсатилмайди, бунга тарбия йўл қўймайди. Афсуски ахлоқ-одоб қоидаларида аёллар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳиссиётларини назорат қилишлари, мулойимлик билан жавоб қайтаришлари лозимлиги кўрсатилган. Қаҳр-ғазабга жаҳл билан жавоб берадиган аёлга дарров "шалаққи” деган тамға босилади.
Қиз бола тарбиялаётган ота-оналар қизига бақириб, қаттиқ гапириши мумкин, аммо ундан жаҳл қилмасликни, ҳис-туйғуларини очиқ кўрсатмасликни, одоб билан жавоб қайтаришни талаб қилишади.
Муаммонинг ечими: Жаҳлингизни чиқарган одамга, албатта бақириб, идиш-товоқни синдириб эмас, балки ахлоқ-одоб қоидалари талабларидан келиб чиқиб, жавоб қайтаришга ҳаракат қилинг. Сизни ғазаблантирган одамга қанчалик оғир-босиқлик билан жавоб қайтарсангиз, бу бақиргандан кўра оғирроқ таъсир қилади.
Ўзига ишонмаслик
Бирор янги ишга қўл урганда "тўғри қилдимми ёки йўқми”, янги кўйлакни кийиб кўраётганда, "бу кўйлак мени семиз кўрсатмасмикан?” каби турли-туман саволлар исканжасидаги иккиланишлар оқибатида одам доимо кимнингдир маслаҳатига, устозлик қилишига муҳтож бўлади. Бундай одамлар тезда "устоз”нинг қурбонига айланишади.
Инсон аввало ўз интуициясига ишониши лозим. Баъзида зўравон эркакларнинг ташқи қиёфаси ҳеч қачон босим ўтказадиган, зўравонлик қиладиган одамга ўхшамайди. Аёл ички сезгиси билан эркакнинг қандай одам эканлигини англаши керак.
Муаммонинг ечими: Интуициянгизни ривожлантиринг, "тўғрими, нотўғрими?” деган иккиланишларга барҳам беринг.
Беқарор ва омонат чегаралар
Баъзи бир аёллар ўз ҳудуди қаерда тугаб, бегонанинг ҳудуди қаердан бошланишини унутиб қўядилар. Уларнинг чегараси омонат бўлганидан бошқаларнинг ўз ҳудудига бемалол бостириб киришига, вақтидан, пулидан, буюмларидан фойдаланишига имконият яратиб берадилар. Бундай "омонат чегарали” одамлар кўп ҳолларда ишхонанинг "қурбон”га айланадилар. Улар бошлиқнинг ҳар бир сўзини қонундай қабул қилишади. Раҳбарлар қўл остидаги ходимларга фақат шундай қаттиққўллик билан муносабатда бўлишлари лозим деб ҳисоблашади.
Муаммонинг ечими: Шундай чегара қурингки, унинг эшиклари фақат сизнинг хоҳишингиз билан очилиб ёпилсин. Ўзингизга ва бегонага тегишли буюмларни ажратишни ўрганинг. Иш вақти соат 9.00 дан 18.00 гача эканлигини унутманг. Соат 18.00 дан кейинги вақт фақатгина ўзингизга тегишли эканлигини унутманг, хоҳласангиз телефонингизни ҳам ўчириб қўйинг. Сизга тазйиқ ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини тушунинг. Чегарангизни мустаҳкамлагандан кейин бегонанинг чегарасидан рухсатсиз ўтмасликка ҳам ўрганинг.
Руҳан эзилиб, азоб чеккан ҳолда сабр қилиш одати
Аёллар бошидан ўтказган қийинчиликлар, азоблар ҳақида гапиришни жуда хуш кўришади. Эри калтаклаган бўлса ҳам, уйида егулик қолмаган бўлса ҳам ҳаммасига чидаганини мароқ билан гапиришади. Вазиятдан чиқиб кетиш, муаммони ҳал этиш инсоннинг қўлидан келса-ю, аммо тақдирга тан бериб, ўзини қурбон қилиш, бошга тушган азобларга чидаб ўтириш тўғри эмас.
Муаммонинг ечими: Чеккан азобларимнинг ҳали роҳатини кўраман, деб ҳамма нарсани тақдир ҳукмига ҳавола этмаслик лозим. Инсон ҳаёти учун ўзи қайғуриши лозим. Ҳар қандай шароитда ҳам вазиятдан чиқиш йўлларини қидириши лозим.
Ташаббус кўрсатишни тақиқлаш
Баъзи бир аёллар ташаббус фақатгина эркакдан чиқишини, унинг хоҳиш-истакларини бошқа одам рўёбга чиқаришини кутишади. Кўп ҳолларда улар йўлдан оздирувчи инсоннинг қурбонига айланишади. Улар ёлғончи ва зўравон одам билан ўзларини яхши ҳис қилишади. Оддий, соғлом эркак сиз билан элликка эллик ҳаракат қилса, зўравонлар эса ташаббусни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишади. Улар аёлларга ёқиш учун бу ишларни амалга оширишмайди, балки зўравон бўлгандан ҳамма нарсани ўзлари назорат қилишни, ўз қонун-қоидаларига бўйсундиришни исташади.
Муаммонинг ечими: Ташаббус кўрсатишга ҳаракат қилинг. Ҳар доим ҳам эркакнинг илк қадам ташлашини, ташаббус кўрсатишини кутиб ўтирманг.